Ўзбекистонда пуллик давлат хизматлари банк иловалари орқали тақдим этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда пуллик давлат хизматлари яқин орада банк ва молиявий иловалар орқали ҳам тақдим этилади. Бу ҳақда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, асосий мақсад — давлат хизматларини фақат расмий платформаларда эмас, балки фойдаланувчиларга таниш ва қулай интерфейсга эга банк иловалари орқали ҳам тақдим этишдир. У эслатиб ўтдики, ўтган йили тест тартибида бепул хизматларни банк иловалари орқали бериш амалиёти синаб кўрилган ва энди президент топшириғига кўра, улар орқали пуллик хизматлар ҳам кўрсатилиши мумкин бўлади.
«Фойдаланувчилар аллақачон ушбу иловалар интерфейсига мослашган. Шу боис, улар учун пуллик давлат хизматларини ҳам шу платформаларда олиш қулайроқ бўлади», — дея таъкидлади Шерматов.
Шунингдек, вазир маълум қилишича, президент топшириғига биноан барча онлайн давлат хизматлари ягона My.gov.uz порталига интеграция қилиниши лозим. Шу билан бирга, барча даражадаги давлат хизматларининг камида 70 фоизи рақамли форматда ушбу портал орқали тақдим этилиши керак.
Бироқ Шерматовга кўра, бу мақсадга эришиш учун давлат органларининг ўзи ички жараёнларни рақамлаштириш ва замонавий ахборот тизимларини жорий этиш бўйича фаол иш олиб бориши талаб этилади.