Ўзбекистон Президенти Ҳиндистондаги авиафожеа муносабати билан мамлакат раҳбарияти ва халқига ҳамдардлик билдирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Моди номларига Ҳиндистоннинг Ахмедабад шаҳрида юз берган ҳалокатли авиақазо муносабати билан ҳамдардлик телеграммасини йўллади.
Давлат раҳбари фожеа оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик, бутун Ҳиндистон халқига тасалли билдириб, жароҳат олганларга тез фурсатда шифо топишини тилади.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистоннинг Гужарат штатида Air India авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти қулади. Дастлабки маълумотларга кўра, бортида 242 киши — 230 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган.
News18 телеканали хабарига кўра, ҳалокат оқибатида камида 133 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар сони аниқлаштирилмоқда.
Айни гап Boeing 787 Dreamliner самолёти ҳақида кетмоқда, у AI171 рейси билан Ахмедабаддан Лондонга парвоз қилаётган бўлган. Фожеа парвоз бошлангандан кўп ўтмай, Ахмедабад аэропорти яқинида юз берган. Гувоҳлар сўзларига кўра, Мегханинагар туманида кучли портлашлар содир бўлган ва шундан сўнг ёнғин чиққан.
Ҳодиса жойида қутқарув хизмати фаолият олиб бормоқда, тегишли идоралар томонидан тергов ишлари бошланган. Ҳиндистон расмийлари ҳозирча ҳалокат сабаблари юзасидан изоҳ бермаган.
#Шавкат Мирзиёев