Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 12 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон парламенти ва Европа парламенти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, долзарб минтақавий ва глобал масалалар юзасидан фикр алмашиш, тажриба ва ахборотлар билан ўзаро бўлишишни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити икки минтақа ўртасидаги ўзаро ишонч ва барқарор мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида апрель ойида муваффақиятли ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида Европа давлатлари парламенти вакилларининг фаол иштирок этгани, Ассамблея доирасида қабул қилинган ҳужжатларнинг Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватлангани юқори баҳоланди.
Томонлар сиёсий мулоқотни изчил давом эттириш, қонунчилик жараёнида илғор ёндашувлар алмашинуви ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга тайёр эканлигини билдирди.