Валюта курслари 19/05/2025
$1 – 12917.10
UZS – -0.37%
€1 – 14460.69
UZS – -0.44%
₽1 – 160.14
UZS – -0.74%
Қидириш
Иқтисод 15/05/2025 Baker Hughes Technologies компанияси Ўзбекистонда нефть ва газ саноатини ривожлантиришга ёрдам беради

Baker Hughes Technologies компанияси Ўзбекистонда нефть ва газ саноатини ривожлантиришга ёрдам беради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтда ўтказилаётган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2025” 27-халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон халқаро энергетика форуми доирасида “Ўзбекнефтгаз АЖ ва "Baker Hughes" компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди.

Қайд этиш жоизки, ушбу компания билан ҳамкорликда чуқур бурғилаш соҳасида қатор ютуқларга эришилган. Хусусан, Устюрт минтақасидаги қудуқларда мураккаб геология шароитида юқори технологияли долоталар синовдан ўтказилди. Натижада бир рейсда 437 метр бурғилашга эришилди — бу минтақа учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Ҳозирги кунда ҳамкорликда 17 та қудуқда ишлар олиб борилмоқда. Замонавий технологиялар эвазига "Шимолий Бердах" конидаги 15-сонли ва "Қуйи Шеге" конидаги 2-сонли қудуқлар 5000 метрга бурғилангани ва "Ғарбий Қуйи Сургил" конидаги 8-сонли қудуқ 65 кун ичида қуриб битказилганлигини алоҳида қайд этиш зарур.

Келгусида Бухоро-Хива ва Сурхондарё вилоятларида ҳам ушбу технологиялардан фойдаланиш режалаштирилган. Хусусан, «Термиз», «Намозбой» ва «Бузахур» конларидаги қудуқлар истиқболли лойиҳалар сифатида кўрилмоқда.

Бугунги учрашув ҳам Ўзбекистонда бурғилаш самарадорлигини ошириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳамда миллий нефть-газ саноатини янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР
OSZAR »